Россия Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар соҳасидаги назорат бўйича федерал хизмати (Роскомнадзор) интернет операторларига ИШИД тўғрисидаги фильм жойлангани туфайли Yahoo видео хизмати (screen.yahoo.com) га тўсиқ қўйиш ҳақида буйруқ юборди, дея РИА Новости агентлигига хабар берди ташкилот вакили Вадим Ампелонский.

Унинг сўзларига кўра, Роскомнадзор 2014 йилда Yahoo`га саккиз маротаба видеохизматдан тақиқланган ахборотлар ягона рўйхатига киритилган “Қабилалар уруши” фильмини ўчириб ташлаш зарурияти тўғрисида хабарнома юборган, бироқ Америка компанияси томонидан ҳеч қандай жавоб бўлмаган.

“Шу муносабат билан бугун (9 сентябрь) биз мазкур фильм жойлаштирилган саҳифага тўсиқ қўйиш учун алоқа операторларига буйруқ юбордик. Опреторлар тўсиқ қўйишни бошлашди”, – деди Ампелонский.

Россия ҳудудида нафақат кўрсатилган саҳифа, балки screen.yahoo.com ресурсига ҳам шифрланган https протоколидан фойдаланилгани, бу эса операторларга ресурсни алоҳида URL-саҳифаларга қадар таҳлил қилишга йўл қўймаслиги сабабли тўсиқ қўйилади.

Yahoo.com сайтига бошқа IP манзилда жойлашгани боис тўсиқ қўйилмасада, учинчи даражали доменлар, масалан — news.yahoo.com ҳам видеохизматлар билан битта IP манзилда жойлашгани сабабли блокланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 25 август куни Астрахань вилояти Черноярск судининг “Википедия” интернет-энциклопедияси тўғрисида чиқарган қарори асосида Россия алоқа операторлари “Википедия” интернет-энциклопедиясининг рус тилидаги сайтини унга жойлаштирилган гиёҳванд моддалар тўғрисидаги мақола қонунга зид экани туфайли блоклаган эди. Бироқ гиёҳванд моддалар тўғрисидаги мақолани таҳрир қилганидан сўнг ушбу тақиқ бекор қилинган.