Юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Рустам Ассакалов АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатида 85 кг вазн тоифасида кумуш медални қўлга киритиб, мазкур спорт тури бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг илк олимпиада йўлланмасига эга бўлди.

Биринчи раундда Ассакалов 2014 йилги жаҳон чемпиони франциялик Мелонин Нумонви устидан ғалабага эришди. Кейинроқ эса Австрия вакили Амер Хрустанович ва эронлик Ҳабиболлаҳ Ахлагилардан устун келди. Ярим финалда Финляндия курашчиси Рами Хиетаниемини мағлуб этди. Бироқ финал баҳсида Украина вакили Жан Беленюк елкасини ерга теккиза олмади.

Жаҳон чемпионати – 2015. Лас-Вегас. Юнон-рум кураши. 85 кг.
1) Жан Беленюк (Украина)
2) Рустам Ассакалов (Ўзбекистон)
3) Хабиболлах Ахлаги (Эрон)
3) Саман Тахмасиби (Озарбайжон)
5) Рами Хиетаниеми (Финляндия)
5) Виктор Лоринц (Венгрия)