Новокузнецкнинг «ЕВРАЗ» компанияси Ўзбекистонга 25 метр узунликдаги рельслар етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда «Новости Узбекистана» нашри хабар тарқатди.

Манбанинг ёзишича, Ўзбекистонга етказиб бериладиган рельслар мамлакатнинг йирик шаҳарлари — Самарқанд ва Бухоро ўртасидаги юқори тезликдаги ҳаракат учун мўлжалланган бўлади. Ўзбекистондаги иссиқ иқлимни ҳисобга олганда, ушбу рельслар қатор хусусият ва афзалликларга эга.

Компания раҳбарларидан бирининг таъкидлашича, рельслардан жуда юқори ҳаво ҳароратида ҳам фойдаланиш мумкин. Уларнинг тўғри шаклда эканлиги ва ишлаб чиқарилиш сифати поездга тезликни соатига 200 километргача ошириш имконини беради.

Ўзбекистон «ЕВРАЗ»нинг МДҲдаги асосий ҳамкорларидан бири саналади. Компания нафақат поезд учун, балки метрополитен учун ҳам рельсларини тақдим этиб келган. Йил бошидан буён Тошкент метрополитени учун 960 тонна оғирликдаги янги рельслар олиб келинган.

«ЕВРАЗ» металлургия ва хом ашё қазиб чиқарувчи халқаро компания бўлиб, Россия, Украина, АҚШ, Канада, Чехия, Италия, Қозоғистон ва ЖАР активларини ўз ичига олади.