Бир гуруҳ самарқандлик йигитлар пойтахтга кетишда юк машинасидан ёқилғи ўғирлаганлари боис турли муддатга жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси хабар бермоқда.

Нарпай туманида истиқомат қилувчи Шерзод Ҳасанов, Раҳимжон Каримов, Достон Мустафоев исмли дўстлар дам олиш учун пойтахтга йўл олишган. Йўлкира ва дам олиш ҳаққини чиқариш учун эса улар йўлда юк машиналаридан ёқилғи ўғирлашга келишиб олишган. Киракаш Нурали Хўжаёров ҳам уларнинг режаларига қўшилган.
Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида улар тўхтаб турган машинани учратишган. Ҳайдовчи Абдумутал Йўлдошев ғилдирак ёрилиб кетгани боис машина чеккага қўйиб, ёрдам келишини кутиб уйқуга кетган эди.

Йигитлар унинг машинаси атрофида ўралашиб юрганини эшитиб уйғониб кетган ҳайдовчи уларга қаршилик кўрсатмоқчи бўлди, аммо унинг бошига темир бўлаги билан уриб, хушидан кеткизиб қўйишди.
Йигитлар ўғирланган ёқилғини йўлда юк машиналаридан бирининг ҳайдовчисига 400 минг сўмга сотиб, Самарқандга қайтиб келишди. Жабрланувчи Абдумутал Йўлдошев эса уларнинг устидан арз қилиб, жиноятчиларнинг тезда қўлга тушишига эришди.

Суд қарори билан Шерзод Ҳасанов 5 йилга, Раҳимжон Каримов 3 йилга озодликдан маҳрум этилди. Достон Мустафоев ва Нурали Хўжаёровлар 3 йилдан ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилди. Шунингдек, жиноят ишида ашёвий далил бўлган Nexia автомашинаси давлат эгалигига ўтказилди.