Хитойнинг Шанхай шаҳрида ўзбек адабиётининг буюк намоёндаси ва давлат арбоби Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилади. Бу ҳақда Шанхай Университетининг Ўзбекистон таълим ва тадқиқотлар соҳасидаги алмашинув маркази директори Яо Симин маълум қилган.

«Ўзбек шоири ва давлат арбоби Алишер Навоий ҳайкалининг университетимиз ҳудудида жойлаштирилиши бўйича кўтарилган масала якуний босқичга келди», — дея таъкидлаб ўтди Яо Симин.

Унинг қайд этишича, 2013 йилда Ўзбекистонда таълим ва тадқиқотлар соҳасидаги алмашинув марказининг ташкил этилиши икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим омил бўлди.

«Бундан ташқари, биз бошқа институт ва университетлар билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйганмиз», — дея таъкидлаб ўтди Хитой олий ўқув юрти раҳбари.

Олдинроқ, жорий йилнинг кузида Шанхай халқаро тадқиқотлар университетида ўзбек тили кафедраси ташкил қилиниши борасида хабарлар тарқалганди.

Маълумот ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, шу кунга қадар Алишер Навоий учун Москва, Навоий, Тошкент, Самарқанд, Токио ва Боку шаҳарларида ёдгорлик ўрнатилган.