АҚШ Мудофаа вазирлиги сўнгги вақтларда Россиянинг "Ан-124" оғир транспорт самолётлари етти маротаба Суриянинг Латакия шаҳрига рейслар ташкил этганини қайд этди, дея хабар бермоқда Fox News Америка ҳукумат тузилмаларига асосланган ҳолда.

Таъкидланишича, Сурияда Россия ҳарбийлари мавжудлиги ҳозирда “мислсиз” тарзда бўлиб, “улар ҳақиқатдан ҳам кенгайиб бормоқда”.

Америкадаги юқори лавозимли ахборот манбасига асосланиб The Chicago Tribune нашрининг хабар беришича, Латакияда айни пайтда Россия ҳарбий авиацияси жойлаштирилиши учун шароитлар яратиш мақсадида маҳаллий аэропорт авиабазасига зарур ҳарбий техникалар ва системалар ташиб борилмоқда. Бу ерда гап ҳаво ҳаракатини бошқариш учун миноралар, ҳарбий самолётларга техник хизмат кўрсатишни таъминловчи захиралар, шунингдек, юзлаб ҳарбий ходимларнинг яшаши учун модул уйлар ҳақида кетмоқда.

АҚШ президенти Барак Обама маъмурияти ва Америка разведка хизматлари олинган маълумотлар асосида Россия Сурияга Латакияда ташкил этилаётган авиабазадан ер усти нишонлари бўйлаб зарба бериш учун ҳарбий авиация юборишга тайёргарлик кўрмоқда, деган хулосага келди, дея хабар бермоқда The Chicago Tribune.

Америка разведка хизматлари Россия яқин ҳафталарда Суриянинг Латакия шаҳрида жойлашган аэропортга Су-25 ҳужумчи самолётлари ва Миг-31 тутувчиларини жойлаштиришга тайёргарлик кўраётганини тасдиқлади.

Fox News телеканали ахборот манбаси, шунингдек, Суриянинг Тартус бандаргоҳидаги денгиз флоти кемаларини моддий-техник таъминлаш пунктида сўнгги бир неча кундан буён бронотехника билан тўлдирилган Россиянинг иккита танк-десант кемаси тургани ҳақидаги маълумотларни тасдиқлаган.