АҚШ томонидан ИШИДга қарши курашда бошқа давлатлар билан алоқаларни мувофиқлаштириш бўйича масъул, истеъфодаги генерал Жон Алленнинг таъкидлашича, Сурия ҳудудида АҚШ раҳбарлик қилаётган коалиция ва Россия ўртасида келишмовчилик юзага келиши мумкин. Бу ҳақда генерал пайшанба куни CNN телеканалига берган интервьюсида маълум қилган.

Мазкур ҳолатда АҚШ бошчилигидаги коалиция Башар Асад тузумига қарши ўлароқ, мухолифат кучларини тайёрлаш орқали ИШИД устидан ғалаба қозонишни режалаштирган. Айни вақтда Россия Башар Асад ҳукуматини қўллаб-қувватлайди. Шунинг учун ҳам икки қарама қарши манфаатлар тўқнашуви юзага келмоқда.

Генерал Алланнинг айтишича, Сурияда ҳозирга қадар ҳукумат қўшини ва АҚШ ва Европа қўллаб-қувватлаётган мухолифат ўртасидаги тўқнашувлар натижасида ҳалок бўлган 10 минглаб инсонлар учун Башар Асад айбдор. АҚШ вакили Асаднинг ҳарбий жиҳатдан Россия томонидан қўллаб-қувватланиши эса ҳудуддаги инқирозни чуқурлаштираётганини таъкидлаб ўтган.

Шунга қарамай, генерал Пентагон томонидан дастлабки вақтларда Сурия мухолифат кучларини ИШИДга қарши кураш учун тайёрлаш режалаштирган эди. Шу мақсадда мухолифатнинг 12 минг аскари тайёрланиши ва унинг учун 500 млн доллар ажратилиши керак эди. Америка 54 нафар одамни тайёрлаган бўлиб, улар ҳам ўқувдан сўнг тўқнашувлар юз бераётган ҳудудда ўғирлаб кетилган ёки ҳарбий ҳаракатлар юз бераётган жойдан қочиб кетган.

Ўз навбатида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров россиялик ҳарбийларнинг кўп йиллардан буён Сурияда ҳудудида фаолият юритиши ва улар асосан техник жиҳатдан ҳукумат армиясига кўмак бераётганини таъкидлаган.

Россия Сурияга келишувга кўра ҳарбий техника етказиб бергани ва келгусида ҳам ўзининг халқаро ҳуқуқ нормалари ва келишувлар доирасида ҳаракат қилишини айтиб ўтган.