Бельгия пойтахти Брюссел шаҳридан унча узоқ бўлмаган ҳудудда жойлашган Бюизиген шаҳарчасидаги темир йўл бекатида йўловчи поезд вагонлари издан чиқиб кетди ва камида 18 киши шикастланди. Бу ҳақда ҳодиса жойида иш олиб бораётган қутқарувчилардан бири журналистларга маълум қилган.

"Ушбу ҳодиса туфайли 12 киши енгил жароҳатлар олган, яна 6 кишининг аҳволи бироз жиддийроқ. Лекин уларнинг ҳаёти хавф остида эмас", дейди манба.

Унинг сўзларига кўра поездда 200 нафардан ортиқ йўловчи кетаётган бўлган. Айни вақтда уларнинг барчаси эвакуация қилинган.

Ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда.