Панорамали видео туширишга мўлжалланган GoPro Odyssey видеокамера комплектининг нархи ошкор этилди. Айни пайтда унга олдиндан буюртма бериш имконияти очилган.
Аммо ишлаб чиқариш ҳажмининг чекланганлиги боис стереокамерага фақат профессионал видеочилар даъвогарлик қилиши мумкин.

У 2015 йил октябрида сотувга чиқарилади. Маҳсулот нархи 15 минг долларни ташкил этади.
Google I/O 2015 конференциясида тақдим этилган GoPro Odyssey қурилмаси ўз ичига 16та рақамли Hero 4 Black камераларини олади. Ҳар бирининг нархи 500 доллар. Улар махсус айлана рамага жойлаштирилиб, MPEG4 форматида 8K × 8K гача бўлган ечимли ва 600 Мбит/секунд максимал битрейтли панорамали видео тасвирга туширади.

3D-видео суратга олиш учун тизим Google Jump виртуал реаллик платформасидан фойдаланади. Ушбу камера ёрдамида тасвирга туширилган видеороликларни YouTube’га жойлаштириш мумкин бўлади.
GoPro Odyssey комплектига зарурий кабеллар, 16та microSD хотира картаси ва 6.57 кг ли ускунани олиб юриш учун Pelican сумкаси киради. Ёзилаётган овоз сифатини яхшилаш учун ташқи микрофон улаш имконияти бор.