Сурия Британиянинг Башар Асаднинг ярим йил давомида вақтинчалик ҳукуматга бошчилик қилиб, сўнгра истеъфога чиқиши тўғрисидаги таклифини рад этди. Бу ҳақда Сурия Ахборот вазири Омран ал-Зубий The Guardian нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Ал-Зубийнинг таъкидлашича, британ ҳукуматининг фикрига кўра, бу мамлакатдаги сиёсий инқирозни бартараф этиб, Суриядан Европага йўналаётган қочқинлар оқимининг камайишига хизмат қилади.

“Британия Ташқи ишлар вазирига сурияликлар учун уларнинг президенти қанча вақт ҳокимият тепасида қолишини белгилаб қарор чиқаришга ким ҳуқуқ берди”, – деди Зубий.

Шунингдек, вазир Британия юритаётган сиёсатни “иррационал ва мантиқсиз” деб атаб, мамлакат ўзини ИШИДга қарши кураш олиб бораётган ягона давлатдек тутаётганини таъкидлади.