АҚШдагилар Россиянинг Суриядаги ҳаракатлари бўйича изоҳ кутмоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати бошлиғи Жон Кирби брифинг чоғида журналистларга маълум қилган.

АҚШнинг ташқи сиёсатини ифодаловчи вакилнинг тасдиқлашича, "АҚШ томони Россия ва Сурия муносабатларининг ҳарбий соҳада ривожланиб бораётганидан хавотирланмоқда".

Кирби бу борада батафсил маълумотлар беришни истамаган.

Америкалик дипломат расмий Москвадан Россиянинг Суриядаги навбатдаги "юришлари" бўйича аниқлик киритишини талаб қилиш кераклигини билдирган.

У АҚШнинг Суриядаги сиёсий инқироз ҳолатини қайси йўл билан (ҳарбий ҳаракатлар ёки музокаралар) ҳал қилиниши тарафдори экани ҳақидаги саволга ҳам ойдинлик киритмаган.

Шу билан биргаликда Кирби АҚШ Россиянинг Сурияни ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашини маъқул кўрмаслигини билдирган.

"Россия Башар Асад режимини қўллашни бас қилиши - энг самарали йўл бўлади", дейди Жон Кирби.