Муборак «Ҳаж-2015» мавсуми давом этмоқда

Ўзбекистон 11 Сентябрь 2015 7581

Юртдошларимизнинг Саудия Арабистонига ҳаж сафарлари муваффақиятли давом этмоқда. Ҳозирга кунда Мадинаи мунаввара ва Маккаи Мукаррамадаги зиёратчиларимизнинг сони 3500 тадан ошди. Жумладан, Мадинаи мунавварадаги 1200 дан зиёд ватандошларимиз кўтаринки руҳ билан Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг равзалари, Уҳуд тоғи, Масжиди Қиблатайн ва Ислом тарихида илк бор барпо этилган “Қубо” масжидини зиёрат қилмоқдалар.
Хусусан, Уҳуд тоғи ёнида ҳазрати Ҳамза розияллоҳу анҳу, у кишининг сафдошлари Мусъаб ибн Умайр ва Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳумо ва бошқа саҳобийлар дафн қилинган қабристон зиёрат қилиниб, улар ҳақига дуолар қилинди.
“Масжиди қиблатайн” (икки қиблали масжид) баъзан “Масжиди бану Салама” деб ҳам аталади. Чунки, бу ерда ўз даврида арабларнинг Бану Салама қабиласи яшаган. Адр тепасига қурилган ушбу масжидда аввал икки меҳроб бўлиб, бири “Байтил мақдис” (Қуддус), иккинчиси Маккадаги “Байтуллоҳ”га қараган эди. Чунки, ҳижратдан кейин ўн етти ойгача “Байтил мақдис”га қараб ибодат қилинган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у масжидда намоз ўқиётганларида Аллоҳ таоло томонидан Байтуллоҳга юзланиб намоз ўқишга амр бўлганлиги учун ҳам у масжид икки қиблали масжид дейилган. Ҳозир “Байти мақдис”га қараган меҳроб беркитилган.
Қубо масжиди Мадинанинг жануби-ғарбида, Масжиди Набавийдан беш километр масофада (мўътадил юришда ярим соатлик йўл) жойлашгандир. Қубо масжиди Ислом тарихида биринчи қурилган масжид бўлиб, Қуръони каримда у ҳақда шундай қуйидаги оят мавжуд: “...Биринчи кундан тақвога асосланган масжид эса, унда туришингизга лойиқроқдир. Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар” (Тавба, 108)
Абу Абдуллоҳ Ёқуб Ҳамавий “Мўъжамул булдон” асарида қуйидаги маълумот мавжуд берилган: “Қубонинг асли исми “Қудуқ” эди. Қубо эса Амр ибн Авф болаларига тегишли қишлоқнинг номи бўлган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) Мадинага ҳижрат қилаётганларида ўша ерда тўхтаганлар ва масжид қурганлар, сўнг унга Қубо деб ном берганлар. Ибн Абу Хайсама айтади: “Масжид қибласига биринчи тошни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўйдилар. Сўнг Абу Бакр Сиддиқ (р.а.), кейин Умар ибн Хаттоб (р.а.) келиб Абу Бакрнинг тоши устига тош қўйди. Шундан сўнг одамлар уни қуришга бошлашди”. Масжидда Абу Айюб Ансорийга (р.а.) тегишли қудуқ, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) туяларининг чўккан ўрни бўлган.
Айни вақтда, Макка шаҳрида етиб келган 2300 дан зиёд зиёратчилармиз умра амалларини адо этиб, “Масжиди Ҳарам”да ибодат билан шуғулланмоқдалар. Юртдошларимиз ибодат учун барча шароитлар яратиб беришга ҳаракат қилаётган, чиройли муомала-муносабатларда бўлаётган ишчи гуруҳ аъзолари, шифокорлар, элликбошилар ва ошпазларнинг беминнат хизматларидан миннатдорлигини изҳор этмоқдалар.

Муборак ҳаж амалларини бажаришга ҳушнудлик билан тайёргарлик кўраётган зиёратчиларимиз азиз ва мўътабар Ватанимизга тинчлик ва осойишталик, халқимизга фаровонлик, дастурхонларимизга тўкин-сочинлик, муҳтарам Юртбошимизнинг эл-юрт манфаати йўлидаги барча хайрли ишларига муваффақиятлар тилаб дуолар қилмоқдалар.


Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати

Кўпроқ янгиликлар