Қизини қўлига кўтариб олиб чегарачилардан қочиб кетишга уринаётган суриялик қочқинни чалиб йиқитган венгр журналисти Петра Лазло ўз қилмиши учун узр сўради. Унинг сўзларига кўра, бу пайтда шок ҳолатида бўлгани учун нима қилаётганини онгли равишда тушуниб ета олмаган.

Венгриянинг N1TV янгиликлар телеканали собиқ ходимаси Петра Лазло ўзи муаллифлигидаги репортажни тасвирга олаётган вақтда юзлаб муҳожирлар полиция ҳалқасини ёриб ўтиб, турли томонга югуришни бошлаган. Уларда бири қизчасини кўтарган ҳолда у томонга кела бошлаган.

У айбини инкор қилишни режалаштирмаяпти ва ўз хатти-ҳаракатлари учун жавоб беришга тайёр эканини маълум қилинди.

Айни пайтда Петра ишсиз ёлғиз она бўлса ҳам, унинг ҳаракатидан жабр кўрган ота ва қизига ёрдам беришга тайёр эканини айтган.

Айни пайтда журналист аёл ҳамкасблари томонидан унга нисбатан билдирилган салбий фикрлар, унинг ирқчилик ва болалар билан шафқатсиз муомалада айблангани сабабли турли аноним номлар билан таҳдидлар уюштирилаётганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, 8 сентябрь куни Лазло Сербия билан чегарадаги Рожке қишлоғи яқинида полициядан қочаётган муҳожирлардан бирини тепиб йиқитгани тасвирланган лавҳа жамоатчиликнинг норозилигини келтириб чиқарганидан сўнг ишдан бўшатилди.

Кейинроқ, Венгрия прокуратураси N1TV телеканалининг собиқ ходими, қизини кўтариб полициядан қочаётган суриялик муҳожирни чалиб йиқитган Петра Лазлога нисбатан безорилик бўйича иш очди.

Унинг жабрланувчиси Суриядаги футбол клубининг собиқ мураббийи бўлиб чиққан.