Украина президенти Пётр Порошенко Россия ҳарбийларининг Сурияда фаолият олиб бораётганига қарши фикр билдирди.

“Сурияга Яқин Шарқда зўравонликнинг кенгайиши, бунинг натижасида Европада қочқинлар сонининг ортишига сабаб бўладиган Россиянинг “яшил одамчалари” жойлаштирилмоқда”, – деди Порошенко Киевда бўлиб ўтган йиллик Ялта Европа стратегияси (YES) учрашувида..

Яқинда бўлиб ўтган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Суриядаги Россия ҳарбийлари бир неча йиллардан буён мавжуд эканини маълум қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Сурияга ўқ отар қуроллар, гранатомётлар, БТР-82А бронетранспортёрлари, “Урал” ҳарбий юк машиналари ва Сурия армияси шахсий таркибининг муайян жойдаги ҳарбий ҳаракатлари ва уларнинг кўчирилиши учун зарур бўлган бошқа турдаги қуролларини етказиб бериши хабар қилинган эди.

Бу борадаги келишувларнинг бир қисми Дамашқ томонидан тўланган, бироқ Москва ва Исроил ҳукумати ўртасида ўтказилган маслаҳатлашувлардан сўнг етказиб бермасликка қарор қилинган С-300ПМУ-2 ҳаво ҳужумидан мудофаа қуролининг етказилиши учун бўнак сифатида тақдим этилган маблағлар эвазига амалга оширилмоқда.

Шунингдек, БМТ маълумотига кўра, Суриядаги қарийб беш йилдан буён давом этиб келаётган қуролли можаролар бошланганидан буён 4 млн суриялик – уларнинг ярми болалардир – ўз ватанини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Айни пайтда Европада кун кечираётган қочқинларнинг аксарияти сурияликлардир.