Украина президенти Пётр Порошенко Россия компаниялари ва фуқароларига Украинада телекомпаниялар яратишни тақиқловчи қонунни имзолади. Бу ҳақда Украина президенти сайтида маълум қилинди.

Тақиқлов телекомпанияларни бошқаришга ҳам тегишли. Тегишли қонун лойиҳаси 3 сентябрда Украина Олий радаси депутатлари томонидан қабул қилинди.

Қонун Украина теле- ва радиокомпаниялари ва дастурий хизматлар кўрсатувчи провайдерларга мулкнинг ҳақиқий тузилиши ҳақида маълумотни ошкор этиш ва мулкдорнинг якуний бенефициари ҳақида маълумот тақдим қилиш мажбуриятини қўяди.

Бундан ташқари, ушбу қонун билан офшор тузилмалар томонидан телекомпаниялар яратиш ҳам тақиқланади.