Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров судларга Қуръондаги матнлар ёки бошқа илоҳий китоблар бўйича қандайдир қарор чиқаришни ман қилувчи қонуннинг қабул қилиниши зарурлигини айтди. Бу ҳақда Қодиров ўзининг инстаграмида ёзди. 

“Судлар фақатгина одамлар томонидан ёзилган китобларни муҳокама қилиши, бундай китобларда экстремизм, миллийчилик ва радикаллик аломатларининг мавжудлиги ҳақида савол қўйиши, уларни тақиқлаш ҳақида ҳукм чиқариши мумкин. Акс ҳолда суд ҳакамининг ўйланмаган ва нопрофессионал ҳаракатлари қайтариб бўлмас ва фожиали оқибатларга олиб келиши мумкин”, деб айтмоқда Қодиров.

Бундан ташқари, Қодиров давлатнинг кучи жумладан унинг кўп миллатлилиги ва кўп динийлигидан ҳам иборатлиги, шунинг учун умумроссия қадриятларига путур етказиш Россиянинг заифлашишига олиб келиши мумкин, деб қўшимча қилиб ўтди.
Бундан аввал Рамзон Қодиров Жанубий-Сахалинск суд ҳаками Наталья Перченко ва прокурор Татьяна Билобровецни “Мольба к Богу: ее значение и место в исламе” (“Аллоҳга илтижо (дуо): унинг исломдаги аҳамияти ва ўрни”) китобини экстремистик деб топганлари учун “шайтонлар” деб атаган эди.

Россия бош прокуратураси ҳакамнинг ёнини олиб, ҳакамлар ва прокурорларни уларнинг касбий фаолиятлари билан боғлиқ ҳолда ҳақоратлашга йўл қўйиб бўлмаслигини айтган.