Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров Украина бош вазири Арсений Яценюкнинг 1990-йилларда Чеченистондаги урушда қатнашганидан бехабарлигини айтди. Бу ҳақда “Интерфакс” ахборот агентлиги маълум қилди.

“Мен Яценюкни жангчи деб ҳисобламайман, у урушга балки қодирдир, лекин мен уни эркак ҳисобламайман. У ҳақиқий “олимтой”. Агар у жангчи бўлса ва қаердадир жанг қилган бўлса, унда мен бу борада ҳеч нарса тушунмас эканман”, деб таъкидлаб ўтди Қодиров.

Чеченистон раҳбари Яценюк билан ҳеч қачон учрашмаганини ва унинг уруш вақтида Чеченистонда бўлгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини қўшимча қилди.

Аввалроқ Россия Тергов қўмитаси бошлиғи Александр Бастрикин Украина бош вазири Арсений Яценюк 1990-йиллар ўрталарида Россия қуролли кучларига қарши Чеченистондаги урушда жазолаш отряди таркибида жанг қилгани ҳақида маълумотларга эга эканлигини айтган эди.

Яценюкнинг ўзи бу маълумотни “клиник ташхис” деб атади.