Сингапурда бошланган парламент сайловларида иштирок этмаган фуқаролар маъмурий жавобгарликка тортилади

Жаҳон 11 Сентябрь 2015 1174

Бугун, 11 сентябрь куни Сингапурда республиканинг бир палатали парламентига сайловлар бошланди. 89та депутатлик ўрни учун 10та партия вакиллари кураш олиб бормоқда. Энг кўп овоз тўплаган партия мамлакат бош вазири номзодини илгари сура олади.

Мамлакат тарихида илк маротаба сайловлар шанба эмас, балки жума куни ташкил этилиб, фуқароларга узоқ таътил тақдим этилди.

Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан 20:00га қадар ишлайди, дастлабки натижаларни эса сайлов тугаганидан бир неча соат ўтиб эълон қилиш режалаштирилган. Бу йили 2,46 миллион сайловчи овоз беради. Маҳаллий қонунчилика биноан, сайловларга фақатгина 21 ёшга тўлган мамлакат фуқаролари иштирок эта олади. Шу билан бирга, овоз бериш мажбурий бўлиб, иштирок этмаган сайловчилар маъмурий жавобгарликка тортилади.

Мамлакат ташкил топган 1965 йилдан буён ҳукуматни бошқариб келаётган Халқ ҳаракати партиясининг етакчилик қилиши тахмин қилинмоқда. Унинг бош котиби амалдаги бош вазир Ли Сянь Лун ҳисобланади. Асосий қизиқиш эса мухолифатдаги Ишчи партиянинг парламентда қанча ўринга эга бўлишига қаратилган. 2011 йилги сайловларда мазкур партия рекорд натижа қайд этиб, 6 мандатга эга бўлган эди.

Кўпроқ янгиликлар