АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида яна бир ўзбекситонлик спортчи кумуш медаль совриндори бўлди.

Эркин кураш бўйича вазни 65 кг.гача бўлган полвонлар баҳсида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилаётган Ихтиёр Наврўзов 1/16 финалда Намибия, 1\8 финалда Украина, чорак финалда Мўғилистон, ярим финал беллашувида эса 2014 йилги Жаҳон чемпиони Сослан Рамоновни мағлуб этиб, финалга чиққанди.

Ҳал қилувчи баҳсда Франк Чамизо Маркес (Италия) билан баҳс юритган ҳамюртимиз 3:4 ҳисобида имкониятни бой берди.

Шундай қилиб, мазкур жаҳон чемпионатида Рустам Ассакаловдан кейин Ихтиёр Наврўзов ҳам кумуш медаль ҳамда 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган Олимпиада ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоасининг ушбу турнирдаги илк медалини юнон-рум кураши бўйича мусобақада иштирок этган Рустам Ассакалов (кумуш) олиб берганди.

Бугун аёллар кураши бўйича -60 кг. вазн тоифасида, эркин кураш бўйича эса -61 кг, -86 кг, ва -97 кг. вазнда ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлади. Ушбу мусобақаларда ҳамюртларимиздан Умиджон Исманов (-86 кг) жаҳон чемпионатининг совринли ўринлари ҳамда “Рио-2016” ўйинларининг йўлланмаси учун баҳс юритади.