Венгриялик журналист Петра Лазло томонидан полициядан қочиб кетишга уринаётганида чалиб йиқитилган суриялик қочқиннинг шахсини аниқланди. Унинг исм-шарифи Усама ал-Гадаб бўлиб, у Суриянинг Дайр-аз-Завр шаҳрида дунёга келган.

Урушга қадар у таниқли маҳаллий “Фатуа” футбол жамоасида мураббий лавозимида фаолият кўрсатган.

Унинг туғилган шаҳри ИШИД жангарилари томонидан эгаллаб олинганидан сўнг Суриядан кетишга мажбур бўлган.

Усамани журналист чалиб йиқитганидан сўнг, уни венгриялик чегарачилар ушлаб олиб, ортга — Сербиядаги қочқинлар лагерига қайтариб юборган.

Эслатиб ўтамиз, N1TV телеканалининг оператори Петра Лазло Сербия билан чегара ҳудудида қочқин билан содир этилган ҳодисадан сўнг ишдан бўшатиб юборилган. Журналистнинг N1TV телеканалида фаолият юритаётганига тўрт ой бўлгани маълум бўлди.

Бироз олдинроқ, Венгрия прокуратураси журналистга нисбатан безорилик бўйича иш очгани маълум қилинганди.