АҚШ Маккадаги фожиа юзасидан Саудия Арабистонига ҳамдардлик билдирди ҳамда бу мамлакат ва бутун дунё бўйлаб бошқа мусулмонларни қўллаб-қувватлашга ваъда берди. АҚШ Давлат котиби Жон Керри 11 сентябрь кечаси юз берган фожиа юзасидан шундай баёнот билан чиққан.

11 сентябрь куни қурилиш крани Маккадаги “Ал-Ҳаром” масжиди устига қулаб тушди. Охирги маълумотларга кўра фожиа оқибатида 107 киши ҳалок бўлди, яна 238 киши жароҳат олди.

“Бу йилги ҳаж вақтида ислом динига амал қилувчи барча мусулмонлар учун табаррук жойда юз берган бу мудҳиш фожиадан кейин АҚШ Саудия Арабистони ва бутун дунё мусулмонлари билан елкама-елка туради”, деб айтди Керри.
Керри, шунингдек, фожиа қурбонларининг яқинлари ва оилаларига ҳамдардлик билдирган.