12 сентябрь оқшомида Ла лиганинг 3-тури доирасида ўтказиладиган "Атлетико" ва "Барселона" ўйинидан аввал икки жамоа футболчилари ҳам бир хил либос кийишади ва унда суриялик, ироқлик ҳамда покистонлик муҳожирларни қўллаб-қувватловчи ёзувлар бўлади.

Маълум қилинишича, тадбир учун мадридликлар томонидан тайёрланган либосларда "Қочқинларга ёрдам беринг" ёзуви туширилади.

Бундан ташқари, "Барселона" жамоаси ҳимоячиси Марк Бартра ўз имзоси туширилган футболкасини аукционга қўйиб, савдодан тушган маблағларни Яқин Шарқдаги урушлар туфайли азият чекканларга ёрдам сифатида хайрия қилади.

Швейцария футбол иттифоқи эса 11 сентябрдан бошлаб янги лойиҳага қўл урган, унга кўра ички чемпионатда навбатдаги турларда урилган ҳар бир голдан кейин махсус ташкил этилган жамғармага 456 евродан маблағ қўшилиши назарда тутилган. Бу жамғарма орқали тўпланган маблағлар ҳам муҳожирлар учун хайрия қилинади.

Эслатиб ўтамиз, 8 сентябрь куни УЕФА ўз тасарруфидаги мусобақалар иштирокчиларини муҳожирларга ёрдам беришга чақирди.