Испанияда дунёда илк бор 3D-принтерда босилган қовурғалар кўчириб ўтказилди

Технология 12 Сентябрь 2015 4947

Испанияда кўкрак қафаси саркомасидан (саратонинг бир тури) азият чекувчи эркакка дунёда илк бор 3D-принтерда босилган кўкрак қафаси ва қовурғалар протезлари ўтказилди

Титандан ишланган протезлар Австралиянинг Anatomics компанияси ҳамда Австралия илмий ва амалий тадқиқотлар давлат уюшмаси билан бирга яратилди.

Қайд этилишича, 54 ёшли беморни анъанавий усуллар билан операция қилиш кўплаб олиб ташланган суяклар ва “мураккаб геометрия” сабабли жуда мураккаблик туғдирган бўларди. Бунда шифокорлар томонидан ишлатиладиган анъанавий протезлар беморга керакли ҳаракатчанликка эришишга имкон бермас эди. Бундан ташқари, пластинкали имплантантлар вақт ўтиши билан ўз шакли ва бикрлигини йўқотади.

3D-босма бўйича мутахассис Алекс Кингсберининг таъкидлашича, қовурғаларни босиб чиқариш жараёни анъанавий ишлаб чиқариш турларидан анча самаралироқ бўлди. Бунда протез беморда қолган қовурғаларни ҳисобга олиб яратилган. 

Қовурғаларни ўтказиш операциясида иштирок этган шифокор Хосе Аранданинг айтишича, операция муваффақиятли ўтган ҳамда 3D-принтерда босилган протез қўйилган жойига “қўлқопдек ўтирган”.

Қайд этилишича, бемор операциядан кейин 12 кун кузатув остида бўлган ва саломатлиги яхшиланиши биланоқ шифохонадан чиқариб юборилган.

Кўпроқ янгиликлар