Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги 2015 йилнинг 11 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 17:10да Макка шаҳридаги «Ҳарам» масжидида қурилиш кранининг қулаб тушиши оқибатида юз берган фожиали ҳодиса қурбонлари орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлигини маълум қилди.

Бундан олдинроқ, Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати ҳам Макка шаҳрида юз берган бахтсиз воқеа вақтида ўзбекистонлик зиёратчилар жабр кўрмагани ҳақида маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 11 сентябрь куни Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги Ал-Ҳаром масжиди устига ҳудудда давом этаётган кучли шамол туфайли қурилиш крани қулаб тушди. Охирги маълумотларга кўра, ушбу фожиа оқибатида 107 киши ҳалок бўлган ва 238 киши жароҳатланган.

11 сентябрь ҳолатига кўра Макка шаҳрида ҳозир бўлиб турган 2683 нафар ўзбекистонлик зиёратчи мавжуд. Зиёратчиларнинг асосий қисми табиий офат вақтида меҳмонхонада бўлган.