Россия президенти Владимир Путин 11 сентябрь куни Макка шаҳрида кучли шамол натижасида ҳудуддаги энг йирик масжидлардан бири "Ҳарам" масжиди устига қурилиш крани қулаши натижасида 100дан ортиқ зиёратчиларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан ўз ҳамдардлигини билдирди. Бу ҳақда Россия президентининг расмий сайтида ёзилган.

"Россия давлати раҳбари қайд этадики, Россия ҳаж мавсуми муносабати билан Макка шаҳрига ташриф буюрган кишиларнинг бахтсиз воқеа натижасида ҳалок бўлиши туфайли қаттиқ афсусда", дейилади хабарда.

Шунингдек, Владимир Путин фожиа туфайли ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва қариндошларига ўз таъзиясини изҳор қилган ҳамда жароҳатланганларнинг тезроқ соғайишини тилаган.

Эслатиб ўтамиз, Россия муфтийлар кенгаши Маккада “Ал-Ҳаром” масжиди устига қурилиш крани қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар орасида россияликлар йўқлигини маълум қилганди.

Охирги маълумотларга кўра, бу ҳодиса туфайли ҳалок бўлганлар сони 107 нафарни, жароҳатланганлар эса 238 нафарни ташкил этди.

Ўзбекистон дин ишлари қўмитаси Макка шаҳрида юз берган бахтсиз воқеа вақтида ўзбекистонлик зиёратчилар жабр кўрмагани маълум қилган.

Бироз олдинроқ, Маккадаги бахтсиз воқеа туфайли ҳалок бўлганлар орасида ўзбекистонликлар йўқлиги ҳақида расмий хабар тарқатди.