Ёш олим Собир Эшбўриев бўғоз сигирларда микроэлементли витаминлар етишмаслигининг олдини олишга мўлжалланган «Микровит» ва бузоқлар диспепсияси касаллигини даволовчи «Электролитли – дегидрацион эритма (ЭДЭ)» препаратларини яратди.

Унинг айтишича, бугун бизга четдан келтирилаётган наслли чорва молларининг таннархи қиммат. Уларни етиштирувчи мамлакатларда боқиш технологияси анча ривожланган, бизда эса бу борада айрим камчиликлар бор. Масалан, хорижда турли витаминлар билан бойитилган махсус озуқалар ишлаб чиқариш технологияси мавжуд. Бизнинг ҳозирча бу борадаги тажрибамиз кўнгилдагидек эмас. Шунинг учун наслли молларнинг шароитимизга мослашиши бироз қийин кечяпти. Қорамолчилик фермер хўжаликларида шу турдаги бўғоз сигирлар орасида маҳсулдорлик камаймоқда. Нимжон ва келгусида подани тўлдириш учун яроқсиз бузоқларнинг туғилиши иқтисодий зарар келтирмоқда.

Хуллас, бундай муаммоларнинг олдини олиш мақсадида тадқиқотчилар «Микровит» дори воситасини тайёрлашди. Ушбу дори бўғоз сигирларда витаминлар етишмовчилиги остеодистрофия, гипокупроз, гипокобальтоз, марганец мис, кобальт марганец, рух, йод етишмовчилиги каби микроэлементозларнинг олдини олиш учун маълум муддат емга аралаштириб берилади. Натижада сигирларда сут маҳсулдорлиги 28-30 фоизга ошади, улардан соғлом, яшовчанлиги юқори, турли касалликларга чидамли бузоқлар олинади. «Микровит» дори воситасининг яна бир фойдали хусусияти шундаки, сигирларда бепуштликнинг олдини олади, «куйга келиш» вақтини қисқартиради. Ишнинг иқтисодий самарадорлиги бир бош сигир ҳисобига 447970 сўмни, сарфланган 1 сўм харажат қоплами эса 10,57 сўмни ташкил этади.

Электролитли-дегидратацион эритма (ЭДЭ) – диспепсия ва бошқа организмнинг сувсизланиши ва интоксикацияси, қон айланиши, тўқималарнинг озиқланиши, модда алмашинуви жараёнлари, сув-электролит алмашинуви ҳамда кислота-ишқор мувозанатининг бузилиши билан кечадиган касалликларни даволашда фойдали. Профилактиканинг бу усули наслли чорва молларини кўпайтириш, улардан соғлом бузоқлар олишда ишончли восита эканлигини исботлайди.

Бу микроэлементли-витаминли аралашмалар хом ашёси ўзимизда тайёрланади.