Украина Ташқи ишлар вазирлиги Россия президенти Владимир Путин ҳамда Италиянинг собиқ бош вазири Сильвио Берлусконининг Қримга уюштирган ташрифига эътирозларини билдирди. Бу ҳақда Украина ТИВнинг фейсбукдаги саҳифасида маълум қилинган.

Унда айтилишича, Киевдагилар бу ташрифдан олдин ўзлари билан маслаҳатлашилмаганида қаттиқ ғазабланган.
"Италиялик сиёсатчининг бу ҳаракати Италия ҳам Россия каби Европа Иттифоқининг норозилигига учрашига олиб келади", дейилади хабарда.

Украина ТИВ Европа ва жаҳондаги барча сиёсатчиларни бу воқеага эътибор қаратишга чақирган ҳамда Украина суверентитетини ҳурмат қилишларини сўраган.

11 сентябрь куни Берлускони Қримга келди ва Россия президенти билан учрашди.

Путин ва Берлускони Ялта соҳилбўйида сайр қилиб, йўловчилар билан суҳбатлашгани ҳақида хабар берилганди.