АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрда якунига етиб бораётган “Катта Дубулға” туркумига кирувчи US Open турнирининг эркаклар ўртасидаги баҳсларида финал иштирокчилари маълум бўлди.

Дастлаб, дунёнинг биринчи рақамли ракеткачиси сербиялик Новак Жокович, турнирнинг ўтган йилги ғолиби, хорватиялик Марин Чиличга қарши кортга чиқди ва рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Уч сет давом этган баҳсда 6:0, 6:1 ва 6:2 ҳисоблари қайд этилди.

Ярим финалнинг иккинчи баҳсида эса Швейцариянинг 2 теннисчиси ўзаро учрашди. Бу баҳсда тажрибали Рожер Федерер ўзидан ёшроқ ватандоши Стэн Вавринкани 6:4, 6:3 ва 6:1 ҳисобларида таслим этди.

Шу тариқа финалда дунёнинг энг кучли иккин теннисчиси яна бир бор тўқнаш келади.

Маълумот учун, 31 август куни бошланган АҚШ очиқ чемионати 13 сентябрь куни якунланади. Турнирнинг мукофот жамғармаси 42 253 400 долларни ташкил этади. Баҳслар хард кортларда ўтказилмоқда.