Венгрия бош вазири Виктор Орбан Bild газетасига берган интервьюсида айтишича, Европага келаётган муҳожирлар оқими Яқин Шарқдаги уруш ҳаракатлари эмас, балки яхшироқ ҳаёт излаш билан боғлиқ.

“Ҳақиқатдан ушбу муҳожирлар уруш ҳаракатлари бораётган ҳудудлардан эмас, балки Сурия билан қўшни бўлган: Ливан, Иордания, Туркидаги қочқинлар лагерларидан чиқиб келишмоқда. У ерда муҳожирлар хавфсизликда эди. Ушбу одамлар Европага хавфсизлик истаб келишмаяпти. Улар лагерлардагидан кўра яхшироқ ҳаётни қидиришмоқда, – деди ҳукумат раҳбари. – Энг яхши ҳаёт учун фундаментал қоидалар бўлмайди, фақат хавфсизлик ва инсоний ҳурмат-эътибор қоидалари мавжуд”.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилда Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги бир қатор мамлакатларда қуролли можароларнинг авж олиши натижасида мазкур ҳудудлардан Европага ўтувчи қочқинлар сони кескин ошиб кетди. Январь-сентябрь ойларида улар сони 351,3 минг нафарга етган бўлса, 200 минги кемаларда Ўрта Ер денгизи орқали сузиб ўтган. Айрим мутахассислар тахминига кўра, муҳожирлар оқими 1 млн нафардан ортиши мумкин.