Амстердам шаҳридаги Схипхол аэропортига қўнган юк ташувчи самолётнинг шассисида одам жасади борлиги аниқланди. Рейтер нашрида ёзилишича, бу самолёт 12 сентябрь куни маҳаллий вақт билан 06:30да Африкадан учиб келганди.

СNN телеканалида айтилишича, бу жасад айни вақтда ўликхонага жўнатилган ва унинг шахсини ўрганишга ҳаракат қилинмоқда.

Тахмин қилинишича, у Европага шу йўл орқали етиб олишга ҳаракат қилган муҳожир.

Қайд этиш керакки, охирги 1 йил давомида Африканинг Нигерия, Камерун, Чад, Мали, Ливан, Тунис, Сомали, Уганда ва бошқа бир қатор мамлакатларида жангарилар фаоллашиши кучайди. Натижада бу мамлакатларда ўн минглаб қочқинлар шимолга қараб интилишмоқда.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра Яқин шарқ ва Африкадан 2015 йилнинг бошидан буён 378 минг киши Европага кириб борган. Йил охиригача бу миқдор 1 млн нафарга етиши башорат қилинган.

Айни вақтда муҳожирларни асосан Германия қабул қилмоқда. Нисбата кичик давлат бўлмиш Нидерландияга эса 1500 нафар муҳожир қабул қилиниши кутилмоқда.