7-8 сентябрь кунлари Тошкентга Британия Кенгаши раиси Сэр Вернон Жейм Эллис илк марта расмий ташриф буюрди. У бир қанча вазирликлар раҳбарлари, шунингдек, Британия Кенгаши лойиҳалари иштирокчилари ва ҳамкорлари билан учрашувлар ўтказди. Ўзбекистондаги Британия Кенгаши директори Марк Кросси унинг сафари якунлари тўғрисида «Газета.uz»га сўзлаб берди.

«Cэр Вернон Эллиснинг икки кунлик сафари таълим ва маданият соҳасидаги икки томонлама муносабатлар учун муҳим воқеадир. Бу 2010 йилдан бери Британия Кенгаши раиси бўлиб фаолият кўрсатаётган Сэр Верноннинг Ўзбекистонга илк сафаридир. Сафарнинг мақсади Британия Кенгаши фаолиятининг Ўзбекистондаги келгуси 20 йиллик режаларини аниқлаб олиш, шунингдек, бўлғуси ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун бир қанча вазирлар билан учрашувлар ўтказиш эди», — дея таъкидлади Марк Кросси.

Унинг сўзларига кўра, Сэр Вернонга Тошкент ёқиб қолди. У Амалий санъат музейида Ўзбекистоннинг амалий санъати ва анъанавий мусиқасидан мутаассир бўлди. Британия Кенгаши раҳбари Раҳимовлар сулоласининг Тошкент кулолчилик мактабида сопол идиш тайёрлаш жараёнида иштирок этди.

«Жаноб Вернон вазирликлар раҳбарияти билан Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасида олий ва ўрта махсус таълим соҳасида ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида келишиб олди. Яна Британия кенгашининг Ўзбекистонда санъат соҳасидаги янги дастури ҳамда инглиз тилини ўқитиш борасида ҳамкорлик дастурларини кўпайтириш бўйича ҳам келишувларга эришилди», — деди Марк Кросси.

Сэр Вернон сафари тўғрисида қуйидаги фикрни билдирди: «Ўзбекистондаги ҳамкорлик муносабатларимиз жуда яхши натижа бермоқда, ва биз инглиз тилини ўрганиш бўйича янги лойиҳаларни сабрсизлик билан кутяпмиз. Ушбу тил Буюк Британиянинг улкан бойлигидир ва у Ўзбекистон Президентининг 2012 йилда имзолаган чет тилларни ўрганиш тўғрисидаги фармонидан сўнг Ўзбекистоннинг устувор эҳтиёжларидан бирига айланди. Британия Кенгаши ушбу соҳада асосий ҳамкор ҳисобланиши табиий ҳолдир».

Британия кенгаши Буюк Британия билан бошқа мамлакатлар ўртасида таълим, маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш билан шуғулланувчи халқаро ташкилотдир. У дунёнинг 110 та мамлакатида офисларга эга. Британия Кенгаши Ўзбекистонда 1996 йилдан бери фаолият юритиб келади. Ташкилот лойиҳалари таълим соҳасидаги миллий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда инглиз тилини профессионал ривожлантириш ва ушбу тил кўникмаларини такомиллаштиришга қаратилган.