Германия ҳукумати Австрия билан чегарада муҳожирлар оқимини назорат қилиш мақсадида назорат-ўтказув нуқталарини ташкил қилади. Бу ҳақда маҳаллий ОАВлар хабар тарқатган.

Bild нашри хабарига кўра, Бавария ерларида шундай нуқталар ташкил қилинади. Австриянинг Kronen Zeitung нашрида аниқлик киритилишича, Германия полициячилари бундай нуқталарда Австрия орқали мамлакатга кириб келаётганларнинг қайсилари муҳожир мақомида Германия ҳудудига ўтиши мумкинлигини аниқлаб беришади. Ҳозирча, қўйиладиган талабларга аниқлик киритилмаган.

Хабарларда айтилишича, немис ҳукумати Австрия билан боғланган темир йўлларда ҳаракатни тўхтатиб туриш эҳтимолини кўриб чиқмоқда.

Der Spiegel нашрида эса мамлакат ташқи ишлар вазири Томас де Мезьер яқин вақт ичида чегарада қандай янги тартиблар киритилиши бўйича аниқ маълумотлар билан чиқиш қилиши ҳақида хабар берилган.

Эслатиб ўтамиз, 13 сентябрь кунининг ўзида Мюнхен шаҳрига 13 мингга яқин қочқинлар кириб келди ва шаҳарда жой етишмовчилиги муаммоси пайдо бўлди.

Мюнхен мэри шаҳарда навбатдаги муҳожирларни жойлаштириш имконлари қолмагани тўғрисида баёнот билан чиққан.

Айни вақтда шаҳарда бўлиб турган 5 минг нафарга яқин муҳожирни жойлаштириш масаласи кун тартибида турибди. Шаҳар ҳокимияти улар учун 1972 йилги Олимпиада учун қурилган спорт мажмуаларини муҳожирлар учун мослаштириш вариантини кўриб чиқмоқда.