Молдова пойтахти Кишинёв шаҳри марказида мухолиф партия "DА" (Demnitate si adevar) тарафдорлари навбатдаги норозилик намойишига чиқишди. Бу ҳақда Интерфакс хабар берган.

Маҳаллий полиция маълумотларига кўра, шаҳарнинг марказий майдонидаги Миллий мажлис биноси атрофида 15 минг нафарга яқин киши тўпланган.

Қайд этилишича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари намойишчиларнинг ҳаракатларига қаршилик кўрсатишмаяпти, лекин парламент атрофида полициячилар тўсиғи барпо этилган.

Бироз олдинроқ, Молдавияда намойишларнинг олдини олиш мақсадида электр, газ ва нон учун нархларни пасайтирганди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада ҳам ўн минглаб кишилар Молдова пойтахтида тўпланиб, президент Николае Тимофтининг истеъфосини талаб қилган ҳамда 2016 йилнинг мартигача навбатдан ташқари сайловлар ўтказишни сўрашганди.

Бугун эрталаб эса, мухолифларнинг етакчилари яна бир марта кенг кўламли намойишлар ўтказиш билан таҳдид қилишганди.