Германиянинг Мюнхен шаҳри муҳожирлар оқимининг ҳаддан ташқари ортиши туфайли "ҳолдан тойиши" мумкин. Бу ҳақда Bild нашрида ёзилган.

Маҳаллий полициянинг маълумотига кўра, охирги кун ичида шаҳарга 12,2 минг нафар атрофида муҳожир кириб келган ва бу оқимнинг охири кўринмаяпти.

Қайд этилишича, шаҳарда қочқинларни жойлаштиришда муаммолар юзага келмоқда. Шаҳар ҳокимияти жой етишмовчилиги туфайли Олимпия хиёбонидаги спорт мажмуаларини муҳожирлар учун мослаштиришга киришган.

Айни вақтда Мюнхендаги поезд бекатларида полиция ходимлари ва кўнгиллилар навбатчилик қилишмоқда. Поезд бекатларида қочқинлар учун махсус жойлар ва тиббий ёрдам кўрсатиладиган нуқталар ўрни ҳақида маълумотлар берилмоқда.

Бироз олдинроқ, германиялик еврокомиссар Гюнтер Эттингер мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда мамлакат конституциясига ўзгартиришлар киритишни таклиф қилганди.