Украинанинг Одесса вилояти маъмурияти раҳбари Михаил Саакашвили Украинани расмий тузилмалар эмас, балки олигархлардан таркиб топган яширин ҳукумат бошқарадиган акционерлик жамияти деб атади. Саакашвили бу ҳақда Киевда 12-Ялта европача стратегияси (YES) учрашуви давомида айтиб ўтди

“Ҳа, бизда, яширин ҳукумат, параллел ҳукумат мавжуд... Ишни бошқарадиган одамлар – аслида бу акционерлик жамиятининг эгалари ҳисобланадилар”, деб таъкидлаб ўтди Саакашвили ва “Украинани қандайдир олигархлар бошқаради”, деб қўшимча қилди.

Саакашвилининг айтишича, норасмий тизим ҳам давлат хизматлари каби инқирозга учраган. “Мана сизга натижа: бу тизим инқирозда, бошқа тизим инқирозда, давлат хизмати инқирозда ва биз қаерда эканлигимиз ҳақида ўзимизга ҳисобот беришимиз керак”, деб мурожаат қилди Саакашвили.

Саакашвилининг таъкидлашича, Арсений Яценюк ҳукуматида бир неча ислоҳотчилар бор, “бироқ ҳар бир олигарх ўз прокурори, полициячиси, суд ҳаками ва армияси, қуролланган гуруҳлари, зирҳли машиналари, ўқ-дориларига эга ва уларга ҳақ тўлаши керак, чунки давлат уларга ҳатто маош тўламаяпти”.