Саудия Арабистони қироли Маккадаги бахтсиз воқеа рўй берган ҳудудга ташриф буюрди

Жаҳон 13 Сентябрь 2015 8572

Саудия Арабистони қироли Салмон Абдулазиз Ол Сауд 11 сентябрь куни қурилиш крани қулаши оқибати 100дан ортиқ зиёратчилар ҳалок бўлган жой, Макка шаҳридаги "Ҳарам" масжидига ташриф буюрди. Бу ҳақда Al Arabiya телеканали хабар берган.

Хабарда айтилишича, Саудия қироли ушбу бахтсиз воқеа туфайли жароҳатланганлар ётқизилган шифохонага келган ва ҳодиса бўйича олиб борилаётган тергов жараёни билан танишди.

Дастлабки хабарларда бу фожиага кучли шамол сабаб бўлгани айтилган, аммо ҳали ҳукумат бу борада расмий баёнот бермаган.

Эслатиб ўтамиз, 11 сентябрь куни Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги Ал-Ҳаром масжиди устига ҳудудда давом этаётган кучли шамол туфайли қурилиш крани қулаб тушди. Охирги маълумотларга кўра, ушбу фожиа оқибатида 107 киши ҳалок бўлган ва 238 киши жароҳатланган.

Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати ҳам Макка шаҳрида юз берган бахтсиз воқеа вақтида ўзбекистонлик зиёратчилар жабр кўрмагани ҳақида маълум қилганди.

Шунингдек, Ўзбекистон ТИВ: Маккадаги бахтсиз воқеа туфайли ҳалок бўлганлар орасида ўзбекистонликлар йўқлигини айтди.

Ушбу фожиа туфайли ҳалок бўлган зиёратчилар номсиз қабрларда дафн қилинади.

Кўпроқ янгиликлар