Австрия канцлери Вернер Файман мамлакат чегараларини қўриқлаш чоралари кучайтирилишини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, яқин вақт ичида чегарадаги полициячиларга ёрдам бериши учун яна 2 минг нафар аскар тайёрланиб, жанубга жўнатилади.

Ўз навбатида вице-канцлер Райнхольд Миттерленер бу чорани тўла қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

"Агар Германия чегараларида назоратни кучайтирадиган бўлса, Австрия ҳам шу йўлдан боради. Қочқинларнинг асосий қисми бир неча кундан кейин Венгрия орқали эмас, Словакия, Словения ва Хорватия орқали юришни бошлаши мумкин. Биз бунга тайёрланаяпмиз", дейди у.

13 сентябрь куни Германия Австрия билан чегарасида паспортларни текшириш жараёнини қатъийлаштирганди. Бундан мақсад Германия ҳудудига "Болқон йўли" орқали кириб келаётган муҳожирлар оқимини қисқартириш ҳисобланади.