Япониянинг “Фукусима-1” АЭСида радиоактив моддалардан тозаланган сувни океанга қуйиш бўйича ишлар биринчи марта амалга оширилди. Бу ҳақда Tokyo Electric Power (TEPCO) энергокомпанияси маълум қилди.

Ҳаммаси бўлиб океанга ўтган йили тортиб олинган 850 тонна ер ости сувлари қуйилди. TEPCO маълумотларига кўра, сув тозалангандан кейин ундаги радиоактив моддалар даражаси меъёрда қолмоқда. Хусусан, тритий даражаси бир литр сувга 1,5 минг беккерел меъёрида 330-600 беккерелни ташкил қилмоқда.

Ҳаммаси бўлиб океанга 4 минг тонна сув қуйиш режалаштирилган. TEPCO узоқ давом этган музокаралардан кейин Фукусима балиқчилик соҳаси вакилларидан тегишли рухсатни олишга муваффақ бўлди.

Радиоактив сувнинг тўпланиши муаммоси станциядаги ликвидаторлар учун энг жиддий муаммолардан бири ҳисобланади. Ер ости сувлари реакторлар биноларига кириб, у ерда юқори радиоактив сув билан аралашиб кетади. Ҳар куни атом электр станциясидаги зарарланган сув миқдори 300 тоннага кўпайиб бормоқда. TEPCO сувни тортиб олиш ва тозаланган сувни океанга қуйиш ҳисобига бу миқдорни 2 баробарга камайтиришни мўлжалламоқда.