Бу ҳолат ҳаммамизга таниш. Телефонимизни олиш учун қўлимизни чўнтагимиз ёки сумкамизга суқамиз, лекин уни топа олмаймиз. Шу заҳоти юрагимиз така-пука бўлиб кетади. Телефоним қаерда қолдириб кетди? Ишхонадами? Ошхонадами? Машинада тушиб қолдими? Ваҳимага тушамиз. Айни пайтда нима билан машғул эканлигингизнинг аҳамияти йўқ – энг асосий вазифа зудлик билан телефонни топиш бўлади.

Нима учун телефонимизни йўқотиб қўйганимизда бундай ҳолатга тушиб қоламиз? Нега ўзимизни қўлга олишимиз ва ижтимоий тармоқларга ҳеч бўлмаса бир кун кирмаслик шунчалар қийин? Маълум бўлишича, замонавий технологиялар миямизга шу даражада кучли таъсир этарканки, бизнинг гиёҳвандлардан фарқимиз қолмас экан.

Гаджетлар зўриқишга олиб келади 

Замонавий ускуналардан фойдаланиш зўриқиш гормони – кортизол миқдорининг ошишига олиб келади. Интернет бизга маълумотлар олиш учун эркинлик берди ва унда яхши хабарларни ҳам, инсонларнинг асабини жунбушга келтирувчи ёмон хабарларни ҳам кўрамиз. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, бир кунда уч соатдан ортиқ вақт давомида комьютер ва телефонда ўйин ўйнайдиган болаларда зўриқиш гормони меъёрдагидан уч баробар юқори бўлар экан.

Сиз кўп нарсани биласиз, лекин тез унутасиз

Бирорта янги нарса билан танишганимизда, олинган маълумотни хотирага кўчириш учун миямизга вақт керак бўлади. Лекин технологиялардан мунтазам фойдаланиш бу жараёнга халақит беради. Бир кунда 8-9 соат давомида компьютер мониторига термулиб ўтирамиз, уйга етгунимизча телефонимизда интернетга кирамиз, уйда эса телевизор қаршисида овқатланамиз ва ухлаймиз. Эртасига яна шу ҳолат давом этади. Олимларнинг фикрича, бундай ҳаёт тарзи мияни ишдан чиқаради. 

Ёрқин экран уйқуни бузади

Неврологларнинг таъкидлашларича, телефон, планшет ва компьютерлардан чиқадиган ёруғлик уйқу гормони – мелатонин ишалб чиқарилишини секинлаштиради. Тун кириши билан мияда мелатонин ишлаб чиқарила бошлайди ва танамизга ухлаш вақти бўлганини буюради. Ёруғлик эса мияни ҳали кеч кирмаган деб ҳисоблашга мажбур қилади. Ҳар сафар ухлаш олдидан телефонга термулиш мияни дам олмасликка мажбурлайди. Уйқу етишмаслиги эса тушкунлик ва асабийликка олиб келади.

Интернет ақлни ўтмаслаштиради

Биз онлайн-тестларни ечганимизда ёки бирор машҳур шахснинг фикрларини ўқиганимизда ўзимизни ақлли бўлиб бораётгандек ҳис қиламиз. Лекин тадқиқотлардан маълум бўлишича, веб-серфинг билан кўп шуғулланиш миянинг фикрлаш учун жавоб берадиган пўстлоғи юпқалашишига олиб келар экан. Биз кўп нарсани ўрганишимиз мумкин, лекин шу билан бирга тезкорлик билан фикрлаш қобилияти пасайиб боради.

Интернет — гиёҳванд модда

Тадқиқотлар натижалари кўрсатишича, интернетга тобе инсонларнинг мияси худди гиёҳвандларнинг мияси каби кўринишда бўлар экан. Интернетдан эркин фойдаланиш имконияти унга мутеликдан қутулишга имкон бермайди. Тўғри, биз гиёҳвандга айланиб қолмаймиз, лекин миямизда салбий ўзгаришлар юзага келади. Интернет гиёҳванд моддага, интернет-провайдер эса ушбу моддани сотувчига айланади.

Ижобий жиҳати

Геймерларнинг мияси сканер қилинганида, компьютер ўйинлари миядаги кулранг модда миқдорини ошириши аниқланган. Юқорида айтиб ўтилган фикрлар сизни чўчитиб юборган бўлса, мазкур фикр сизга таскин бериши мумкин: компьютер ўйинлари меъёрида ўйналадиган бўлса, ақлий салоҳият ривожланади.

Манба: xabardor.uz