АҚШнинг Европага Суриядан кириб келаётган қочқинлар оқимини назоратга олиш борасида ҳеч қандай ёрдам бермаётгани унинг халқаро мавқеига путир етказмоқда, деб ҳисоблайди The Global Times нашри.

Инқироз бошланганидан буён АҚШ 1.5 минг қочқинни қабул қилди. Президент Барак Обама 2015 йил охирига қадар яна 10 минг суриялик қочқинни қабул қилишга тайёргарлик кўриш борасида кўрсатма берди.
Айтилишича, Вашингтон шу йўл билан европалик иттифоқчиларини кўпроқ қочқинларни қабул қилишга чақирмоқда.

Бу инқироз чоғида ўзини кўрсатиш мақсадида Германия 800 минг қочқинни қабул қилишга тайёр эканлигини маълум қилди. Бу бошқа мамлакатлар ўзлари учун белгилаб олган қабул чегараларидан анча кўпдир. Мамлакат канцлери Ангела Меркелнинг таъкидлашича, қочқинларнинг бундай миқдорда ташриф буюриши мамлакатнинг қиёфасини ўзгартириб юборади.

“АҚШ ортидан эргашиб, Сурияни “жазолаш”га интиларкан, Европа давлатлари ўзларининг бундай оғир танлов олдида қолишини билмаган бўлсалар эҳтимол”, - хулоса қилади мақола муаллифи.