АҚШнинг Калифорния штатидаги Миддлтон ва Кобб шаҳарларига таъсир қилган ўрмон ёнғинлари катта талофатлар олиб келишда давом этмоқда. Рейтер нашрида ёзилишича, ёнғинлар 100дан ортиқ уйни ўз домига олган.

Ҳудудда иш олиб бораётган ўт ўчирувчи гуруҳ вакили Дэниэл Берлантнинг айтишича, айни вақтда ёнғинлар етказган зарарни аниқ ҳисоблашнинг имкони йўқ.

Штат губернатори Жерри Браун Лейк ва Напа округларида фавқулодда ҳолат жорий қилган.

Бундан олдинроқ, июль ойидаги чақмоқдан кейин АҚШнинг шимолида тарқалган ва давом этаётган ёнғинлар туфайли Калифорниянинг Сан-Анреас шаҳри аҳолиси эвакуация қилингани ҳақида хабар берилганди.

Хабар қилинишича, АҚШ ғарбида шу йили рўй берган ўрмон ёнғинларини бартараф қилиш ишлари учун сарфланган харажат миқдори 1,23 млрд доллардан ошиб кетди. Бу эса 2002 йилдаги рекорд натижага (1,65 млрд доллар) яқин қолганини кўрсатади.