11 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги "Машҳура" фирмасида Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллиги муносабати билан тадбир ўтказилди.
Ушбу тадбирда Ўзбекистонда хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси ташаббуси билан мамлакат маданий ва иқтисодий ҳаётидаги фаоллигини кузатиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрган бельгияликлар делегацияси ҳам иштирок этди. Меҳмонлар учун, ўқувчилар томонидан либослар кўргазмаси ва санъаткорлар томонидан концерт дастури уюштирилди. Шунингдек, меҳмонлар ўқувчилар томонидан тайёрланган пишириқ ва таомлардан татиб кўриб, ўз баҳоларини беришди.


Қайд этилишича, ўқувчилар ўз қўли билан қисқа муддатда яратган амалий ҳунармандчилик намуналари, қандолатчилик маҳсулотлари, миллий ва Европа таомлари ҳамда замонавий либослар билан меҳмонларнинг ҳайратлари ва олқишларига сазовор бўлишди.


Маълумот учун, “Машҳура” фирмаси – Ўзбекистон халқи ишончини қозонган ва ёшларга ҳаётда зарур бўлган ҳунарларни ўргатиш билан шуғулланувчи етакчи ўқув марказидир.
Марказ ўз фаолиятини 1994 йилдан 5та ўқув курси бўйича ёшларга ҳунар ўргатишдан бошлаган. 2000 йилда курслар сони 11тага етган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 22тани ташкил этади. Фирма қошидаги филиалларда «Машҳура» ўқув курсларини тамомлаган, Ўзбекистонда ташкил этилган малака ошириш курсларида билимларини мустаҳкамлаган мутахассислар таълим беришади.
Фирманинг Самарқанд шаҳридаги филиали етакчи мутахассиси Дилфуза Ғаффорова «Ташаббус-2006» кўрик-танловида қатнашиб, махсус диплом билан такдирланган.
Марказда ҳунар ўргатишдан ташқари, ўзбек аёлларининг маънавий камолотини юксалтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Кўплаб таниқли адиблар ва санъаткорлар билан учрашувлар, кўнгилли дам олишлар учун концертлар ташкил этилади.


Ҳозирги кунда "Машҳура" фирмаси 30дан ортиқ касб-ҳунарга йўналтирувчи ўқув курсларини ташкил қилган. Супер-келинчак курслари, оила психологияси, компьютерда либосларни моделлаштириш ва бир қатор турдаги стилистик курслар шулар жумласидандир.
Республиканинг барча вилоятларида фирманинг ўз филиаллари мавжуд.