АҚШлик машҳур чарм қўлқоп устаси, бешта вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлган Флойд Мэйуэзер боксдан кетгандан кейин “янги Флойд Мэйуэзерни” қидириш билан машғул бўлишини айтди. Боксчи бу ҳақда фаолиятидаги сўнгги жангдан кейин маълум қилди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги. 

Мэйуэзер ўзининг сўнгги жангида Лас-Вегасда ҳамюрти Андре Бертога қарши 12 раунд жанг қилиб, 117:111, 118:110, 120:108 ҳисоби билан ғолиб бўлди ҳамда ўзининг чемпионлик камарларини ҳимоя қилди.

“Аввалбошдан менда фаолиятим бўйича аниқ режам бўлган. Мен ҳамиша нимани истаётганимни билганман – оддий одамлар орасидан ажралиб чиқиш, ўзгача бўлишни истаганман. 19 йил боксчилик фаолиятидан 18 йили давомида чемпион бўлиш... Менинг фаолиятим ҳавас қилса арзигудек бўлди. Рингда авваламбор бошни ишлатиш керак. Ва мен исталган рақибимдан 10 та қадам олдинда юраман. Мен унинг энг кучли томонларини олиб, унинг ўзига қарши ишлатаман, уни қилишни истамаётган нарсани қилишга мажбур қиламан”, деб айтмоқда чемпион.

Мэйуэзер ўзининг спортдан кетаётганини қуйидагича тушунтирди. “Менинг фаолиятим расман якунланди. 49 та ғалаба ва бирорта ҳам мағлубият – бу бокс тарихида қолади. Мен молиявий томондан таъминланганман ва соғломман. Янги Флойд Мэйуэзерни топишни ва кимдир менинг рекордларимдан ўзиб кета олишини кўришни истайман. Рекордлар улардан ўзиш учун ўрнатилади. Мен боксни кучга тўла, тезлигим ва реакциямни йўқотмаган ҳолда тарк этяпман. Мен бу спортда барчасига эришдим, бошқа ҳеч нарсани исботлашимга ҳожат қолмади”, деб айтмоқда Флойд.