Ўзбекистонлик кимёгар олимлар тадқиқот натижаларининг амалиётга татбиқ қилиниши йилига юзлаб млрд сўм тежашга имкон бермоқда. 

Шундай самарали ихтиролардан бири – нефть маҳсулотларининг резервуарларда буғланиши ва тўсатдан ёниб кетишининг олдини олиш учун такомиллашган конструкциядаги понтонлар бўлди. Жаҳон статистик маълумотларига кўра, газ конденсати ва нефть маҳсулотларнинг буғланишдан кўриладиган йўқотишлар қайта ишланаётган хомшашё умумий ҳажмининг 0,5-1,7 фоизини ташкил қилади.

Ўзбекистондаги нефть резервуарлари одатда иссиқ чўл ҳудудларида жойлашгани сабаб бу меъёрлар кўпроқни – 1-3 фоизни ташкил қилади ва бу муаммони ҳал қилишнинг давлат учун қанчалик долзарблигини кўрсатади.

Ўзбекистон Фанлар академияси Умумий ва норорганик кимё институтида дастлабки тажрибалар ва қўйилган вазифаларни ҳал қилиш йўлларини қидириш бўйича ишлар ўтказилди. Натижада Ўзбекистонда полиэтилентерефталатдан дунёда аналоги бўлмаган янги сузувчи понтонлар лойиҳаланди ва уларни тайёрлаш технологияси яратилди.
Янги конструкциядаги полиэтилентерефталат понтон ёнгил углеводородларнинг нефть маҳсулотлари буғланиши сабабли ва қабул қилиш, чиқариш, сақлашда йўқотилишини бартараф этиш ва резервуарлардаги тўсатдан чиққан ёнғинни ўчириш учун мўлжалланган. Бундай понтон махсус ёнғинга қарши, портлашга хавфсиз аралашма ва инерт газ билан тўлдирилади.

Унинг афзаллиги шундаки, у резервуардаги суюқ газ конденсатини 98 фоизга қоплайди ва демак, деярли углеводородларнинг буғланиши учун бўш жой қолдирмайди. Бундан ташқари, понтоннинг ҳар бир алоҳида элементида ёнғинни ўчириш бўйича техник ечим кўзда тутилган.

Ўтказилган тадқиқотлар натижалари сифатида полиэтилентерефталат понтондан нефть маҳсулотлари сақланувчи резервуарлар учун сузувчи понтон яратиш технологияси яратилди. Понтоннинг кўриниши белгилаб олинди, понтон элементларини қуйиш усули билан тайёрлаш учун пресс-қолип тайёрланди, керакли ускуналар харид қилинди.
“Резервуарлар учун понтон қурилмаси” саноат намунасига патент олинди. 2000 квадрат метр ҳажмга эга бир резервуарда енгил углеводородларни тежаб қолиш технологик самараси йилига 240 тоннани ташкил қилади.

Понтоннинг тажрибавий партиясининг тажриба-саноат синовлари “Қарши нефть базаси” УК, “Муборак ГҚИЗ” АК, “Шўртаннефтгаз” АКда ўтказилди.