Россиянинг Ярославль шаҳрида полиция қисмига ўқ узиб, бир полициячининг ўлимига, яна бирининг жароҳатланишига сабаб бўлган эркак киши якунда граната ёрдамида ўз-ўзини портлатиб юборди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси пресс-релизида маълум қилинди.

Жиноятчи ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимлари томонидан автомобилларнинг олиб қочилишини бартараф этиш бўйича профилактик амалиёт чоғида ҳужжатларини текшириш учун тўхтатилган. “Қўлга олиш жараёнида 31 ёшли Ярославль фуқароси ўқ отар қурол билан ўт очиб, фаол қаршилик кўрсатган ва якунда ўзини ёнида олиб юрган граната билан портлатиб юборган”, – дейилади хабарда.

Воқеа душанба, 14 сентябрь кунига ўтар кечасида Ярославль полицияси автомобилларнинг олиб қочилиши ва ўғирланиши бўйича профилактик рейд олиб бораётган вақтда содир бўлган. Жиноятчи узган ўқдан 24 ёшли полиция лейтенанти ҳалок бўлган, 38 ёшли майор жароҳатланган.
Ҳодиса жойида криминалистлар иш олиб бормоқда.