Украина ҳукумати Минск келишувларига амал қилинишини мамлакат шарқида тинчлик ўрнатилиши учун асосий шарт, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Украина президенти Пётр Порошенко якшанба, 13 сентябрь куни АҚШда чоп этилган Американинг The Washington Post, Британиянинг The Independent ва Германиянинг Die Welt газеталари ҳамкорлигидаги интервьюда маълум қилди.

“Бу Украина томони орзу қилаётган нарсани талаб қилади, – деди у. – Вақтинчалик сулҳ – Минск келишувларини бажаришнинг дастлабки шарти ҳисобланади”.

Порошенко, шунингдек, Донбассда Киев билан келишмасдан сайловларни ўтказиш мазкур шартномани хавф остида қолдирувчи “қизил чегара” сифатида қабул қилинишини таъкидлаб ўтди.

Унинг фикрича, агарда бу содир бўлса, “реакциялар” оқибатидан қочишнинг имкони қолмайди. “Қандай реакциялар ҳақида гапираяпмиз?” дея берган саволига украин етакчисининг ўзи жавоб берди: “Санкциялар”.

“Агарда Россия Минск жараёнини тўхтатишга уринса, агарда Россия қизил чегарани босиб ўтса, бизга икки нарса керак бўлади, – давом эттиради Порошенко. – Улардан бири, бу – санкциялар. Менимча, АҚШ санкциялар йўлидан боришда давом этади. Иккинчиси эса Украина билан ҳамжиҳатлик. Нафақат сиёсий ва иқтисодий ҳамжиҳатлик, балки бу бизга самарали мудофаа кучларини ташкил этишимиз учун кўмак кўрсатишни ифода этувчи бирдамликдир”.

Ички муаммолар тўғрисида берилган саволларга жавоб берар экан, Украина етакчиси уларнинг энг асосийларидан бири олигархия эканини таъкидлаб ўтди.

“Ҳозирда олдимизда икки хавф мавжуд. Биринчи рақамли хавф – Россия, иккинчиси эса бой-бадавлатлар. Биз иккисига ҳам асосий диққат қаратганмиз”.