Жалолобод вилоятининг Сўзоқ туманида истиқомат қилувчи 34 ёшли эркак, орадан 2 йил ўтиб, ўгай қизини ўлдирганлигини тан олди. Бу ҳақда Turmush нашри хабар бермоқда.
2013 йилнинг март ойида Сўзоқнинг тоғли қишлоқларидан бирида 1.5 ёшли Раяна исмли қизалоқ ўлдирилган эди. У 2011 йилда туғилган бўлиб, 2 ёшга тўлиб улгурмай ўгай отасининг зўравонлиги оқибатида ҳалок бўлган эди. Орадан 2 йил ўтиб, эркак ўз жиноятини тан олди ва қизни қаерга кўмганлигини кўрсатди. 11 сентябрь куни қизнинг танаси эксгумация қилинди.

Айтилишича, эркак қизалоқни маст ҳолда ўлдириб қўйган.

“Бир куни ишдан қайтганимда, Олмагул (қизнинг онаси) қизалоқ жонига текканлигини айтди ва уни қўрқитишни сўради. Мен уни олиб ўчоқ ичига тиқиб қўйдим. Қайтиб чиқарганимда, қизнинг боши куйган бўлиб, у тинимсиз йиғларди. Шунда мен уни ўчоқ плитасига ўтқазиб қўйдим. Унинг иштони куйиб, танасига ёпишиб қолди. Биз унга қараб, тузатиб олдик. Орадан 10 кун ўтгач, мен маст ҳолда уйга келиб, уни антенна сими билан 5-6 марта урдим. Мен уни тинчлантиришга ҳаракат қилдим, тинчланмагач, икки марта тарсаки туширдим. Шундан сўнг у хушини йўқотди, 15-20 дақиқадан сўнг эса оёқ-қўли қимирлашдан тўхтади, танаси совуб қолди”, - ҳикоя қилиб берди эркак.

Айтилишича, у рафиқасини қўрқитиб, жиноятни фош қилмасликни талаб қилган. Орадан вақт ўтиб, улар ажрашиб кетишган ва бошқа оила қуришган.