Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида шахмат бўйича Жаҳон кубоги давом этмоқда. Дунёнинг кучли 128 нафар шахматчиси дона сураётган йилнинг ушбу нуфузли мусобақаси олимпия тизимида ўтказилиб, ҳар бир босқичдан сўнг мағлубиятга учраган иштирокчи турнирни тарк этади.

Жаҳон кубогида 35-рақам остида таснифланган 17-жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов ҳам 1/64 финал босқичидаёқ мусобақани тарк этди. Рейтингда ўзидан анча пастда турган канадалик Алексей Ковалевга қарши кечган ҳал қилувчи учинчи партияда у мағлубият аламини тотиб кўрди. Бу ҳақда olamsport.com хабар берган.

Бундан аввалги икки партияда дуранг натижа қайд этилганди. Қосимжоновни Жаҳон кубогидан чиқариб юборган Ковалев энди 1/32 финал босқичида аргентиналик Сандро Мареко билан ҳисоб-китоб қилади.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон кубогининг умумий мукофот жамғармаси 1 миллион 600 минг долларни ташкил этади. Ғолиб шахматчи 96 минг долларга эга бўлади. Вице-чемпион 64, ярим финалчилар 40, чорак финалга етиб келган гроссмейстерлар эса 28 минг долларга ўз ҳамёнларини бойитиб олишади.