2015 йилнинг саккиз ойи давомида Самарқанд вилоятида 610 маротаба қисқа муддатли ва назорат текширувлари ўтказилиб, савдо нуқталарида бир қатор қонун бузилишлари аниқланди, дейилади вилоят солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Д.Султоновнинг “Самаркандский вестник” газетасида чоп этилган мақоласида.

Ўтказилган текширувлар таҳлили шуни кўрсатдики, 288 ҳолатда касса ускунасидан 293 млн сўмлик квитанциялар тақдим этилмасдан хизмат кўрсатилган, 52 ҳолатда эса 305 млн сўмдан зиёд нақт пул ўз вақтида банкларга тақдим этилмаган. 139 текширувда умумий қиймати 408,4 млн сўмлик савдолар тегишли ҳужжат ва сифат сертификатларисиз амалга оширилгани маълум бўлди.

Шунингдек, вилоятда 106 маротаба қисқа муддатли текширувлар ўтказилиб, савдо нуқталари ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида терминал орқали нақт пулсиз ҳисоб-китобнинг олиб борилиши ўрганилган. Натижада 89 ҳолатда ҳисоб терминалларининг йўқлиги, 13 ҳолатда эса терминал орқали сотилувчи маҳсулотлар нархининг ошириб кўрсатилиши аниқланди.

Давлат солиқ бошқармаси ва бўлинмалари томонидан 66 ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 24 январдаги “Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китоблар механизмини янада тартибга солиш тўғрисида”ги ПҚ-1910-сонли қарорига амал қилинмаганлик аниқланди.

Аниқланган қонунбузилишлар бўйича белгиланган молиявий жарималар миқдори 1740,9 млн сўмни ташкил этди.

Шунингдек, 228 нафар амалдор шахсларга нисбатан маъмурий жазо тури қўлланилиб, 75 млн сўмлик жаримага тортилди. Маҳаллий ҳокимият органларига 50 тадбиркорлик субъектига нисбатан ёзма мурожаатлар тақдим этилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига эса 32 текширув ҳужжатлари йўналтирилиб, уларнинг 19тасига нисбатан тергов иши очилди.
Шунингдек, давлат стандартларига мос келмайдиган маҳсулотлар ишлаб чиқараётган 45та яширин цех фаолиятига чек қўйилди. Уларнинг учтаси ўсимлик ёғи ишлаб чиқарувчи цех бўлса, 18таси озиқ-овқат маҳсулотлари, 24таси ноозиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланган.