Тошкент шаҳрида 1 октябрдан совуқ сув таъминоти хизмати учун янгиланган тарифлар жорий этилади. «Газета.uz» нашрининг «Сувсоз» корхонасига асосланиб хабар беришича, янги тарифлар бўйича қарор Тошкент шаҳри ҳокимлигининг молия бошқармасида 11 сентябрь куни қабул қилинган.

Маълум қилинишича, кейинги ойдан бошлаб кўп қаватли турар-жой биноларида 1 метр куб сув учун жорий 342 сўмдан 370 сўмга оширилади (8,1 фоизга). Ҳисоблагичсиз уйларда эса бир киши учун бир ойга жорий 4185,64 сўмдан 4516,88 сўмга оширилади (7,9 фоизга).

Хусусий сектордаги уйларнинг эгалари учун ҳисоблагич бўйича 1 метр куб сув нархи, канализация бўлган тақдирда, 265 сўм (ҳозирда – 246 сўм, +7,7 фоиз), канализация бўлмаса – 160 сўм (ҳозирда – 150 сўм, +6,6 фоиз) этиб белгиланган.

Ҳисоблагич бўлмаган тақдирда, тариф миқдори бир киши учун бир ойга 4082,07 сўм (3798,1 сўм, +7,4 фоиз), канализацияси бўлмаган уйларда – бир киши учун 357,7 сўмга тенг (ҳозирда 335,43 сўм, +6,6 фоиз).

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида 1 октябрдан иссиқ сув таъминоти ва иситиш тизими хизмати тарифлари ҳам қимматлашиши ҳақида хабар берилганди.